Юкланмоқда...
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ўзбекистонда хотин-қизлар ва вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Президентнинг 2026 йил 3 мартдаги ПФ–33-сонли Фармони бу борада инқилобий ўзгаришларни бошлаб берди. Эрта никоҳнинг олдини олиш, ёш оилаларни моддий рағбатлантириш ва зўравонликка қарши 'SOS' тизимини жорий этиш каби муҳим янгиликлар жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Ушбу мақолада янги қонунчилик яратаётган имкониятлар ва белгиланган қатъий чоралар ҳақида батафсил сўз юритамиз."

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек эрта никоҳ каби муаммоларни бартараф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлат томонидан қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда ва амалдаги тизим такомиллаштирилмоқда. Ана шундай муҳим ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2026 йил 3 мартда қабул қилинган ПФ–33-сонли “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони ҳисобланади.
Мазкур фармоннинг асосий йўналишларидан бири никоҳ ёшига етмаган шахслар билан никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг олдини олишдан иборат. Маълумки, эрта никоҳ кўп ҳолларда ёшларнинг таълим олишига, соғлиғига ва келажакдаги ижтимоий ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли давлат томонидан бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Фармонга мувофиқ никоҳ ёшини камайтиришнинг аниқ асосларини белгилаш бўйича таклиф маъқулланган. Бу эса амалиётда никоҳ ёшини асоссиз равишда камайтириш ҳолатларининг чекланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр ҳолда оила қуришини рағбатлантириш ҳам ушбу ҳужжатнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Фармонга кўра, 2027 йилдан бошлаб ҳар икки томон камида 21 ёшга тўлган ҳолда биринчи марта никоҳ тузган ёш оилалар давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватланади. Бундай оилалар ижтимоий реестрга киритилганда уларга бериладиган субсидия, ссуда ва грант каби молиявий ёрдамлар белгиланган миқдорга нисбатан 1,5 баравар кўпроқ миқдорда ажратилади. Шунингдек, никоҳ шартномаси тузган шахслар никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўланадиган давлат божидан озод қилинади.
Фармонда эрта никоҳ билан боғлиқ ҳолатларга қарши ҳуқуқий жавобгарликни кучайтириш масаласи ҳам назарда тутилган. Хусусан, вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват қилиш ёки бундай ҳолатларни тарғиб қилиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши белгиланган. Бу эса жамиятда эрта никоҳни қўллаб-қувватлаш ёки тарғиб қилиш каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ушбу фармонда таълим соҳасига оид муҳим ижтимоий чоралар ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 2026–2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба қизлар ёки уч ёшгача фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабалар учун олий таълимни давом эттириш имконияти яратилади. Агар бундай талабалар курсдан курсга қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган бўлса, уларга истисно тариқасида ўқишни давом эттириш имконияти берилади. Бунинг учун фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти қўйилади ва уларга мустақил тайёрланиш учун қўшимча вақт берилади.
Фармонда жамоатчилик иштирокини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёшига оид қонунчилик талабларини бузганлик учун ундирилган жариманинг 15 фоизи бундай ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш учун йўналтирилади. Бу эса жамият аъзоларини эрта никоҳ ҳолатлари ҳақида тегишли идораларга хабар беришга ундайди.
Шунингдек, эрта никоҳ ёки 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва “Инсон” марказларига хабар бериш мажбурияти белгиланган. Бу вазифа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ФҲДЁ органлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний ташкилотлар вакиллари зиммасига юклатилган.
Фармонда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳам янги механизмлар жорий этилмоқда. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг мобил телефонларига “my.ihma.uz” мобил иловаси ўрнатилади. Ушбу илова орқали жабрланувчилар зўравонлик ҳолати юз берганда махсус “SOS” сигнали орқали тегишли идораларга зудлик билан хабар бериш имконига эга бўладилар.
Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаганларга нисбатан содир этган шахсларга нисбатан жазо чоралари ҳам кучайтирилмоқда. Бундай шахслар манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритилади. Шунингдек, уларга нисбатан сақлаш шароитларини енгиллаштириш масаласи психологик тузатиш дастуридан ўтмагунча кўриб чиқилмайди.
Яна бир муҳим янгилик сифатида 2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини, одатда, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар кўриб чиқиши белгиланган. Бу эса бундай тоифадаги ишлар бўйича адолатли ва сифатли тергов ҳамда судловни таъминлашга хизмат қилади. Шу мақсадда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тизими ходимлари учун махсус ўқув дастурлари ташкил этилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Президент Фармони аёллар ва болалар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш, эрта никоҳнинг олдини олиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда зўравонлик ҳолатларини камайтиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу чора-тадбирлар орқали жамиятда соғлом оила муҳитини шакллантириш ва ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилинади.
Камолиддин Рахимов, жиноят ишлари бўйича
Фарғона шаҳар судининг тергов судьяси

Муаллиф
Шухратжон ЭсановИзоҳлар йўқ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.