Юкланмоқда...
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ўзбекистон 2027 йилда саёҳат учун энг хавфсиз давлатлар рейтингида 27-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда биринчи бўлди. Бу натижа ортида нималар турибди?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноятчиликка сабаб бўлаётган омилларни манзилли аниқлаш ва бартараф этиш, аҳоли билан ҳамкорликда профилактик чора-тадбирларни кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ушбу ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорлик муҳити мустаҳкамланиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эркин ҳаракатланиши, туристик ҳудудларда қулай ва ишончли муҳит шаклланишига замин яратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда туризм соҳасининг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.
Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш борасида шаклланган самарали тизим халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Хусусан, АҚШдаги “CEOWORLD Magazine” халқаро бизнес, иқтисодиёт, молия ва бошқарув соҳаларига ихтисослашган интернет нашри 2026 йил 23 ноябрда элон қилган “2027 йилда ташриф буюриш учун энг хавфсиз давлатлар” рейтингида Ўзбекистон 198 та давлат ўртасида 100 баллдан 81,03 балл тўплаб, 27-ўринни эгаллаб, хавфсизлик даражаси “жуда юқори” дея баҳоланган 34 та давлат қаторидан жой олиб, Марказий Осиёда эса бу тоифага кирган ягона давлат бўлди.
Рейтингдаги умумий балл тўртта очиқ кўрсаткичдан 35% АҚШ Давлат департаменти ва Канада ҳукуматининг саёҳатчилар учун огоҳлантиришлари, 30% Глобал тинчлик индекси, 20% Numbeo платформасининг Хавфсизлик индекси, 15 % БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик масалалари бўйича бошқармаси ҳисоблаган қасддан одам ўлдириш кўрсаткичлари ҳолатидан шаклланган.

Рейтингда Сингапур 89,72 балл билан биринчи ўринда, ундан кейин Япония, Исландия, Словения ва Швейцария жойлашган. Ўзбекистон 81,03 балл билан Малайзия (28-ўрин), Австралия (29), Канада (34) ва Вьетнам (35) каби давлатлардан олдинда.
Шунингдек, Австралиянинг халқаро миқёсда фаолият юритувчи мустақил илмий-тадқиқот маркази ҳисобланган Иқтисодиёт ва тинчлик институти (Institute for Economics & Peace — IEP) эълон қилган Глобал тинчлик индекси 2026 натижаларига кўра, Ўзбекистон ушбу рейтингда ҳам юқори ўринлардан бирини эгаллаган.
Жумладан, Ўзбекистон 163 давлат орасида 37-ўринни эгаллаб, 1,726 балл тўплаган ва Марказий Осиёда энг юқори натижани қайд этган. Кейинги ўринларни Қозоғистон (44-ўрин), Тожикистон (47), Қирғизистон (61) ва Туркманистон (66) эгаллаган. Ўзбекистон шунингдек, рейтингда Буюк Британия ва Швециядан юқорида жойлашган.
Ушбу индекс “CEOWORLD Magazine” рейтингининг таркибий қисмларидан бири бўлган.
Юқорида қайд этилган ижобий ўзгаришлар ва халқаро эътирофлар ўз-ўзидан юзага келмаган, албатта. Уларнинг замирида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳоли билан манзилли ишлаш ҳамда туристлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, пухта ўйланган чора-тадбирлар ва масъул идоралар ходимларининг фидокорона меҳнати мужассам.

Айниқса, жойларда хавфсизликни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш борасидаги кундалик тизимли фаолият бугунги натижаларнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Биргина мисол, 2016 йилда ички ишлар органларида 6 та ахборот тизими мавжуд бўлган бўлса, 2026 йилга келиб улар сони 62 тага етган. Шунингдек, 35 идора ўртасида 318 электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилган. 2026 йилнинг тўққиз ойида эса ички ишлар органлари томонидан 31 917 жиноят фош этилган.
Шунингдек, сайёҳлар хавфсизлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган ва туризм хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус бўлинмалар шакллантирилган.
Шу билан бирга, “2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси”даги вазифаларда мамлакатнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз давлат сифатидаги имижини мустаҳкамлаш белгиланган.
2025 йилда Ўзбекистонга саёҳат мақсадида 11,7 млн нафар чет эл фуқароси ташриф буюрган, туризм экспорти 4,7 млрд АҚШ долларига етган. Масалан, 2022 йилга нисбатан 2025 йилда АҚШдан келган сайёҳлар оқими 3 баравар, Буюк Британиядан 2,6 баравар, Франциядан 2,9 баравар, Германиядан 2,5 бараварга ошган. 2030 йилгача эса сайёҳлар оқимини 20 млнга етказиш режалаштирилган.
“CEOWORLD Magazine” рейтингидаги 27-ўрин ва Глобал тинчлик индексидаги 37-ўрин бир-бирини тўлдирувчи, турли методологияга таянган икки халқаро баҳо бўлиб, улар маҳаллада профилактика, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш, туристик полиция ва визасиз режим каби ислоҳотларнинг ўзаро уйғунлигидан дарак беради.
Умуман олганда, рейтинглардаги юқори кўрсаткичлар мамлакатимизда тинчлик, барқарорлик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи ва улар самарадорлигининг муҳим кўрсаткичидир. Бу натижалар, аввало, фуқароларнинг осойишта ҳаётини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда хавфсизлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли фаолиятнинг самарасини намоён этади.
Шу билан бирга, халқаро эътироф мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мавжуд тажрибани янада такомиллаштириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий механизмларини кенг жорий этишга муҳим рағбат бағишлайди.
Энг муҳими, бундай натижалар Ўзбекистоннинг хорижий меҳмонлар ва сайёҳлар учун тинч, хавфсиз, барқарор ҳамда қулай муҳитга эга мамлакат сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаб, туризм соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилади.
Аҳмаджон Орипов, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.

Муаллиф
Шухратжон ЭсановИзоҳлар йўқ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.