Юкланмоқда...
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ендиликда қонунбузарлар ва уларга кўмаклашган мансабдор шахсларга 20 йилгача оғир жазо чоралари муқаррардир. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судяси Елдор Егамбердиев ушбу тарихий ўзгаришларни таҳлил қилади

Бугунги глобаллашув шароитида инсоният олдида турган энг жиддий таҳдидлардан бири гиёҳвандлик ва наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласи ҳисобланади. Бу иллат нафақат инсон саломатлигига, балки жамият барқарорлигига, оилалар мустаҳкамлигига, ёшлар тарбиясига ҳамда миллат генофондига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, сўнгги йилларда синтетик наркотикларнинг пайдо бўлиши, уларнинг Интернет тармоқлари орқали яширин усулларда тарқатилиши мазкур хавфнинг кўламини янада кенгайтирмоқда.
Ўзбекистон Республикасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлар таъсиридан асраш ҳамда наркотик воситаларнинг ноқонуний айланмасига қарши самарали курашиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда кейинги йилларда мазкур соҳада ҳуқуқий, ташкилий ва профилактик чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Жумладан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, таълим муассасаларида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар йили 26 июнь санасининг Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни сифатида кенг нишонланиши ҳам ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 11 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1151-сонли Қонун имзоланди.
Мазкур Қонун мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва замонавий таҳдидларга муносиб ҳуқуқий механизмларни жорий этиш мақсадида қабул қилинди.
Қонуннинг асосий ғояси аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлашдан иборатдир. Шу муносабат билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қонуннинг энг муҳим янгиликларидан бири Жиноят кодексидаги XIX бобнинг “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” деб номланишидир. Бу давлатимиз томонидан гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга фақат ҳуқуқбузарлик сифатида эмас, балки миллат келажагига таҳдид солувчи хавфли ижтимоий иллат сифатида қаралаётганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда синтетик наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар сони ошиб бораётгани кузатилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда тарқалаётган кўплаб синтетик наркотиклар яширин нарколабораторияларда тайёрланмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фақат сўнгги бир неча ой ичида ўнлаб нарколабораториялар фаолиятига чек қўйилгани ҳам бу хавфнинг нақадар долзарблигини кўрсатади.
Шу муносабат билан Жиноят кодексига 276¹-модда киритилиб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ёки сақлаш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди. Бундай қилмишлар учун 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Бу эса наркотик воситаларни ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчи жиноий тармоқларга қарши курашишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Қонун билан бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш учун ҳам мустақил жиноий жавобгарлик жорий этилди. Эндиликда наркотик воситалар ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатиш учун шароит яратган шахслар 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бу эса гиёҳвандлик тарқалиши учун инфратузилма яратаётган шахсларга нисбатан таъсирчан ҳуқуқий чора ҳисобланади.
Янги қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш учун жавобгарликнинг кучайтирилганидир. Жиноят кодексига киритилган 276³-моддага мувофиқ, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига кўмаклашиш ёки бундай жиноятларнинг фош этилишига тўсқинлик қилиш учун 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бу давлатнинг наркотик бизнес ва коррупция ўртасидаги ҳар қандай алоқаларга нисбатан муросасиз муносабатини намоён этади.
Қонун ёшлар ва вояга етмаганларни ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, Жиноят кодексига киритилган 276¹⁰-модда билан вояга етмаган шахсларни наркотик воситалар, психотроп моддалар ёки кучли таъсир қилувчи воситаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Айниқса, таълим муассасалари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳлари ва уларга туташ ҳудудларда содир этилган бундай қилмишлар учун янада оғир жазолар назарда тутилган.
Қонуннинг амалиёт учун энг аҳамиятли янгиликларидан бири Жиноят кодексининг 273-моддасидаги “сотиш” атамасининг “ўтказиш” атамаси билан алмаштирилганидир. Бу ўзгариш наркотик воситаларни тарқатишнинг барча шаклларини қамраб олиш имконини беради. Чунки жиноятчилар кўп ҳолларда наркотик моддаларни ҳадя қилиш, алмаштириш, қарз эвазига бериш ёки Интернет орқали “закладка” усулида тарқатиш орқали жавобгарликдан қочишга ҳаракат қилиб келган.
Эндиликда наркотик моддани бошқа шахсга ҳар қандай шаклда етказиб бериш “ўтказиш” сифатида баҳоланади ва оғир жиноят деб эътироф этилади. Бу эса Интернет орқали наркотик тарқатувчи шахслар ҳамда уларнинг ташкилотчиларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, қонун билан кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун ҳам алоҳида жавобгарлик белгиланди. Амалиётда “аптека наркоманияси” деб аталувчи ҳолатлар, яъни таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган айрим дори воситаларидан ғайримақсадли фойдаланиш ҳолатлари учраб тургани сабабли мазкур йўналишда ҳам ҳуқуқий таъсир чоралари кучайтирилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга кўра, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу жамоат тартибини сақлаш, аҳолига, айниқса ёшларга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонуннинг яна бир муҳим хусусияти шундаки, у жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган. Сўнгги йилларда наркотик воситалар билан боғлиқ жиноятларни такроран содир этиш ҳолатлари ортиб бораётгани кузатилмоқда. Шу боис айрим оғир наркожиноятлар учун муддатидан илгари шартли озод қилиш имкониятлари чекланди ҳамда жазо чоралари кучайтирилди.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил 11 июнда қабул қилинган ЎРҚ–1151-сонли Қонун мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлар таъсиридан асраш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Зеро, гиёҳвандликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки ҳар бир ота-она, педагог, маҳалла фаоли ва бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Миллат келажаги, ёшлар тақдири ва юрт тараққиёти учун ҳар биримиз ушбу иллатга қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз ва соғлом ҳаёт тарзини қарор топтиришга ҳисса қўшишимиз зарур.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси Эгамбердиев Элдор Элмуротович.

Муаллиф
Шухратжон ЭсановИзоҳлар йўқ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.