Юкланмоқда...
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
1998 йил 7 июль. Ёз жазирамаси “кучи”ни кўрсатмоқда. Одамлар соя-салқин жойларга чиқиб кетганлар. Шоҳимардон бундай пайтда энг қулай оромгоҳ. Тоғлардан арча ифори эсади, икки дарё шовқин солиб қишлоқ марказида бирлашади. Уй меҳмонхона-ю чойхона сўриларигача дам олувчилар билан тўлган. Ота-онаси, фарзандлари билан келганлар ҳам оз эмасди. Ўша куни ярим тунда телефон қўнғироғи янгради. Муҳаммаджон, мен МЧСдан Қодиржонман, деди ҳавотирли овозда. Ҳар эҳтимол сизга айтай дедим. Шоҳимардондан нохуш хабар беришди, ҳозир. қишлоқни сел босибди. Ўйлаб ўтирадиган вақт эмасди. Тасвирчим Шуҳратжон Мирзакаримовга қўнғироқ қилдим.


Тезда тайёргарлик кўринг кетяпман.
Биз Водилга етиб келганимизда соат иккидан ўтганди. Йўлни тўсиб қўйишибди. Музокаранинг натижаси бўлмади. Тепа Водил маҳалласида қирғиз танишим бор эди. Унинг уйга бордик ва уйғотдик.
– Машина топасан, бизни Водилдан сўқмоқ йўлдан олиб ўтиб Шоҳимардонга олиб бориши керак, ҳаққини яхши тўлайман, – дедим унга сув тошқини ҳақида айтиб. Қўшни кўчада “Вилис” машинаси бор ўртоғини уйғотди. Ҳайрият, у рози бўлди.
Биз қишлоқ тепасидаги далалардан айланиб ўтиб Қадамжойга, ундан Шоҳимардон йўлига чиқдик. Дарё тўлиб қирғоқларни юва бошлади. Оқим кучли эканидан катта-катта тошларни ҳам юмалатиб келарди. Уларнинг овози эса воҳимали эди. Айниқса, қора тундаги бундай беўхшов овоз юракка қўрқув соларди. Элликпайсакига бирор чақирим етмасдан дарёнинг қийтихон буриладиган жойи бўларди. Бу ерда сув ўзандан чиқиб, қирғоқ, унинг ёнидаги асфалт йўлни тамомила ўпириб кетибди.
Ортга қайтиб тепаликдан юрамиз, – деди ҳайдовчи. Машина қийнала-қийнала йўлсиз, тошлиқ тепаликка кўтарилди ва икки чақиримча ёнлаб юрдик. Ҳайрият, элликпайсакидан наридаги йўл соғ экан.
Шоҳимардонга етиб келганимизда ҳали тонг отмаган эди. Қишлоқ марказида тахминан 2-3 квадрат километр майдонга эга текислик бўлган. Унга енгил дўконлар, расмхона, ошхоналар, бир неча чойхона жойлашган. Қишлоқда меҳмонхона йўқлиги учун дам олишга келганлар қишлоқ аҳолисининг шу майдон атрофидаги тепалик кўчаларда жойлашган ховли ва идораларнинг дача-дам олиш масканларига тушар эдилар. Ўшанда одам кўплиги учун қишлоқ марказидаги чойхона сурилари ҳам дам олувчилар билан тўла бўлган. Мудхиш тунда атроф кўча, хонадон аҳли, дам олувчилар сувнинг беўхшов шовқинидан уйғониб ташқарига чиққанлар. Аммо...
– Қандайдир гумбур-гумбур овоз келди. Мен уйғондиму, момақалдироқмикан деб ташқарига чиқдим. Қўл соатимга қарасам 23:40. Пастдан одамларнинг дод-войлаган овозлари ҳам эшитилди, – деб эслайди шоҳимардон қишлоқ фуқаролари кенгаши раиси Кенгашали Додабоев. – Ўша томон югурдим, аммо қишлоқ маркази сувга тўла эди. Катта, қудратли оқин ухлаётган одамлари билан сўри, чойхона, ошхоналарни парчалаб оқизиб борарди. Ёрдам беринг, деган овозлар узун-юлуқ келарди. Чунки сел жуда кучли бўлиб бир лаҳзада ҳаммасини оққизиб кетди... қаро тундаги одамларнинг ҳайқириқ овози ҳамон қулоғимда. Тошқин натижасида қизлоғимизда 40 та хонадон, 36 та дам олиш масканлари, 6 та чойхона, 70 га яқин савдо дўконлари ва умумий овқатланиш шохобчаларига жиддий зарар етди. Баъзи хонадон, дўкон ва дам олиш масканларини тошқин бир зумда хонавайрон қилиб, бутунлай ювиб кетди. Кутилмаганда рўй берган тошқинда халок бўлганлар ҳам анчагина. Лекин қишлоқ аҳолиси ўз уй-жойларини сойдан тепага қурганликлари ва тошқинлар масаласида анча хушёр бўлиб қолганликлари туфайли нисбатан камроқ зарар кўрди.
Шоҳимардон Водилдан, 450-500, Фарғонадан 950-1000 метр юқорида жойлашган. Шунданми, оқсув дарёси ўзандан чиқиб кетган бўлсада одатдагидан оқимдан бир ярим-икки ҳисса тез оқарди.
Тоғ ортидан кўтарилган қуёш нурлари Шоҳимардонни ёритди. Аммо бўтқа сув Чаккатомор бўғозидан ҳайқириқ билан ўтиб 250-300 метр кенгликда шитоб билан оқарди.
Ярим тунда бошланган сел кучи мана тонгги соат олти бўлибдики, ҳали заифлашмади. Ҳамма кузатувчи. Ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Ҳар томонда йиғи, дод-фарёд. Вой болам, вой отамлаганлар қанча. Қишлоқ марказий майдонидаги бирон бино, иншоат, дарахт ёки машина қолмаган. Ҳаммасини одамларга қўшиб оқизиб кетган сел. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Алишер Отабоев ФВВ вилоят бошқармаси, ҳарбий қисм, турли идора-ташкилот раҳбарларига тўхтовсиз топшириқ берарди. Етиб келган тез ёрдам, шифокорлар гуруҳларига эса дарё бўйлаб пиёда юриб кўздан кечиришни топширди.
Мен ҳам ҳали ёруғ тушмай ишимни бошлаганман. Ҳар бир холатни тасвирга тушираман. Шунда бир ўрта ёшли йигит келиб, воқеликни видеотасвирга туширмасликни талаб қилди. Қийин қистовга олганимдан сўнг, у ўзини махсус хизмат вакили эканини айтди. Бу ерга давлат раҳбарларидан кимдир келади, уларнинг рухсати билан оласиз ва Тошкентга юборасиз, деди. Биз ноилож тўхтадик. Аммо воқелик саҳна асари эмаски, уни такрорлаб тасвирга туширсанг. Бир оз ўтиб, ҳалиги ходим нари кетгач мен тасвирчига маъноли қараш қилдим. Бу камера ишлаётганлигини кўрсатувчи қизил чироқни ўчирингу, тасвирга олаверинг, деганим эди. Тўғри, бундай холатда сифатли, маъноли кадрлар тасвирга туширилмайди. Лекин ҳар холда “яширин камера” нималарнидир тасвирга оладику.
Шу куни кечгача Ёрдон қишлоғи томонидан келаётган сел тўхтамади. Оқизиб келаётган катта-катта тошларнинг сув ичида урилиб чиқарган овози қўрқинчли эди. Чунки одамзод бундай овозни балки умрида биринчи бор эшитаётгандир.
Қишлоқ почта бўлимининг икки қаватли биноси (у ҳозир ҳам бор) марказнинг чап томонидаги тепаликда эди. Қутқарув ишлари штаби шу ерда тузилди. Кун бўйи Шоҳимардонга минглаб қутқатувчилар, техник воситалар келди. Эрталабданоқ йўқолганлар рўйхати тузила бошланган. Кечга бориб улар сони юзга етди. Кейин эса... бирин-кетин сув йўлида тошларга урилиб мажақланган жасадларни дарё қирғоқларидан топа бошладилар. Баъзиларида қўл ёки оёқ йўқ эди... Бу ғоят аянчили манзара бўлсада қутқарувчилар, кўнгиллилар уларни эгаларига топширдилар. Айрим жасадлар таниб бўлмас даражада жароҳатланганди. Тошқин баъзи инсон бўлакларини Шоҳимардон дарёсида Водилгача 25 км, кейин Чимён ва Фарғона шаҳри тепасидаги селсақлагич ҳавзагача жами 35-40 километрга оқизиб келгани маълум бўлди.
Водилнинг қуйи қисми Фарғонада ҳам одамлар воҳимада. Аниқ, очиқ маълумот берилмади бирон оммавий ахборот воситасида. Яқинлари Шоҳимардонда бўлган минглаб оила аъзолари Водилдаги йўл тўсилган жойга келиб олишган. Шунда биринчи қилинган иш – омон қолган дам олувчиларни Водилга етказиш бўлди. Улар оз эмасди. Кўлқубон ва Ёрдон, Шаланг тоғи, Шоҳимардон қишлоғидаги дам олувчиларни тўхтовсиз таший бошланди.
Алишер Отабоев бошчилигидаги штаб тошқин сабабларини ҳали билмас эди. Билгани – катта ҳажмдаги сув Қирғизистон тоғларидан Ёрдонга ва ундан Шоҳимардонга келгани холос. Воқеликнинг биринчи куни, 8 июлда Ўзбекистон ОАВлари жим. Ҳеч қандай хабар берилмади. Мен ахборот тарқатишга масъулларга кўп марта мурожаат қилдим. Келинг, яхшиси тошқин ва унинг оқибатлари ҳақидаги дастлабки маълумотни ўзимиз, Ўзбекистон телевидениесидан берайлик, деб. Аммо ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади.
– Жўрабеков келади, у билан маслахатлашамиз, кейин “Ахборот”га юборасиз, – дейишди такроран менга.
Ўша пайтлар махсус хизмат ва ҳокимиятга қарши бир сўз айтиб бўлмас эди.
Ниҳоят бир кун ўтиб, 9 июл куни “Халқ сўзи” газетаснинг 137-сонида саҳифанинг энг пастки бурчагида кўзга ташланар ташланмас мана бу маълмот чоп этилди:
“Хабар. Қирғизистон ҳудудидаги тоғларда қорнинг тез эриши ва Шоҳимардонсой дарёсида сув оқимининг кескин кўпайиши натижасида шу йил 8 июлда Фарғона вилоятидаги Шоҳимардон қишлоғида сув тошди. Натижада қурбонлар ва вайронагарчиликлар содир бўлди.
Аҳолига ёрдам бериш ва табиий офат оқибатларини тугатиш учун хукумат комиссияси тузилиб, иш бошлади. Бу ишга республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирликлари кучлари ва воситалари жалб этилган.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги”
Мамлакатлнинг биринчи рақамли расмий газетасида берилган ахборот шу эди. Холбуки, аслида бир кун аввал, яъни 8 июль куниёқ хорижий оммавий ахборот воситаларида Шоҳимардон фожиаси ҳақида хабар, халок бўлганларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар, ҳукумат амалга ошираётган тадбирлар ҳақида маълумотлар эълон қилинди.
9 июль куни Ўзбекистон Республикаст Бош Вазирининг 1-ўринбосари Исмоил Жўрабеков бир қанча мулозимлари билан Шоҳимардонга етиб келди. Тошқин сатҳи бир оз пасайган бўлсада, ҳали ўзанига қайтмаган.
Ишчи йиғилиш тугагач мен ҳукумат раҳбари ўринбосарига воқелик ҳақида газетада қисқа ахборот берилгани, аммо видеотасвирли батафсил репортаж кўрсатилмаганини айтдим ва бунга изн сўрадим. Исмоил ака мени шаҳсан яхши танир эдилар. Тавсиялар беришди.
– Ҳали халок бўлганлар сони тўлиқ аниқланмади, шунинг учун рақам келтирмаган холда ўлганлар ҳам бор, десангиз кифоя, – деди у.
– Аммо “Озодлик” кечаёқ юздан зиёд халок бўлганлар ҳақида гапирди, – деганимни биламан, – Сиз ҳақиқатни айтинг, ҳали рақамлар охиригача шакилланмаганку! – деб жеркиб ташлади мени.
Шоҳимардон фожиаси ҳақида бир неча марта матн ёздим, ўчирдим, яна ёздим. Оҳири бир тўхтамга келдим. Ўша бўйича овоз бериб касетани Фарғона аэропортига олиб келиб Тошкентга юбордим. Шундай қилиб, сув тошқини ҳақидаги дастлабки видеорепортаж 1998 йилнинг 10 июл куни “Ахборот” дастурида берилди. Изимга қайтиб, Ёрдон вайроналари, сув олган кўприклар, воқеа гувоҳлари, халок бўлганларни дафн маросимлари ҳақидаги видеолавҳаларни тасвирга тушириб, шархлаб “Ахборот”га юборавердим.
Орадан яна икки кун ўтиб, Шоҳимардонга Президент келиши ҳақида гап тарқалди. Менга Фарғона аэропортига бориш ва давлат раҳбарига мухбир сифатида ҳамроҳлик қилиш топширилди.
12 июл эрталаб Президент Як-40 самолетида Фарғонага учиб келди. Матбуот котиби, бир неча вазир ва республика идоралари раҳбарлари бор эди, ёнида. Дархол Шоҳимардонга йўл олинди. Водилдан Қирғизистон ҳудудига ўтаётганимизда Призедант машинаси олдига ғилдиракли бронетранспортер тушди. У тез ва илдам юрар эди. Йўлнинг учдан икки қисмидан ўтганимизда, Элликпайсага етмай айланма дала томон (тунда мен юрган йўл) бурилдик. Бирон чақиримдан сўнг бронертранспортер таққа тўхтаб қолди. Ортидаги Президент машинасини 4-5 чоғли тансоқчилар ўраб олдилар. Қарасам, Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал польковник Ҳикматулла Турсунов ва яна бир неча юқори мартабали харбийлар елкалари билан оғир техникани итариб юрғизишмоқчи бўляптилар. Бронертранспортер эса миқ этмасди.
Шу пайт президент ўтирган машина эшиги очилиб кимдир “Обидов” деб чақирди. Мен ортдаги машинада эдим. Дархол “биринчи” ёнига бордим.
– Чиқ, – деди Жўрабеков.
Машинада Президент ва яна республикадан келган уч одам, Фарғона вилояти ҳокими Номонжон Мўминов бор эди.
– Муҳаммаджон, сен бу ерларни биласанми? – деди президент қандайдир ҳавотирлик билан. – Мен бу ерлик қирғизларни айтяпман.
Биз тўхтаб қолган дала қуйида 15-20 чоғли қирғизларнинг хонадони бўлиб, айримлари ховлисининг ортига, девор ва томларига чиқиб олиб кортежни томоша қилар эдилар. Англашимча, улардан хавфсираётгандек эди.
– Ҳа, уларни яхши биламан, – дедим хотиржамлик билан. – Булар аллақачон ўзбеклашиб кетишган, Ислом ака
– Бунақа гапни қаердан олиб гапиряпсан? – қатъий оҳангда сўради Исмоил Жўрабеков.
– Ёз пайтларида Шоҳимардонга одам сиғмай кетганида бир кунга келганлар шу ерда, қирғизларнинг дарё бўйига қурган сўриларида дам олиб кетишади. Хўп меҳмондўст одам улар.
Менинг жавобимдан Президент бир оз тасикин топгандек бўлди. Аммо Тошкентдан келганларнинг бири менга шундай хўмрайиб қарадики, юрагим ёрилай деди. Кейин билсам, у кучишлатар тизимда раҳбар ўринбосари экан.
Икки кун ўтиб, Тошкентга бориб қайтгач ундан роса дакки эшитдим.
– Нега унақа дейсан Президентга, агар бирон кор-хол бўлса бормиди, нақ калланг кетарди!
Шоҳимардонга кириб борилганида сел анчайин пасайган, дарё ўзанига қайтаётган эди. Президент ҳар бир жойни кўриб, зарур топшириқлар берди.
– Биринчи ишни қишлоқ марказидан ўтган дарё қирғоғининг мустаҳкамлашдан бошлайсизлар, – деди қадамлаб кўрсатиб. – Баландлиги 6 метр, эни 8 метрдан кам бўлмасин. Шундай қурингларки, қачондир яна шундай офат юз берса сув ўзандан чиқиб кетолмасин.
Кейин уй-жойсиз қолганлар, уйини қисман сел олганлар, ижтимоий масканларни тиклаш, йўлни қайта қуриш ва мустаҳкамлаш каби қатор вазифалар топширилди. Зарур маблағ ажратилиши эълон қилинди. Жўрабеков бошлиқ ҳукумат комиссияси ишлар беҳавотир йўлга тушгунча шу ерда қолишини буюрди.
– Яқинини йўқотган оилалар дардига малхам бўлиш энг муҳим вазифа, – деди президент бир хўрсиниб. – Албатта ўтганлар ўрнини хеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Шундай бўлсада, юрт, халқ, маҳалла бирга бўлсин. Мен тошқин оқибатида халок бўлганлар оила аъзоларига таъзия изҳор қиламан.
Давлат раҳбари Қирғизистон метирология хазмати билан боғланиш, об-ҳавони башорат қилишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам қатъий топшириқлар берди.
Фарғона аэропортида Президент Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашди. У бундай тошқиннинг олдини олиш, қурбонлар бўлишига йўл қўймаслик мумкин эканлигини алоҳида таъкидлади. Агар табиий офат ҳақидаги хабар ўз вақтида етиб келганида, бундай кўнгилсиз ҳоллар юз бермаслигини айтиб, журналистлар эътиборини Шоҳимардонда юз берган сел ва тошқинлар тарихини ўрганишга қаратди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларидаги тошқин юз бериши мумкин бўлган жойларда кузатув пунктларини ташкил этиш, бундай офатлардан ҳалқни ўз вақтида огоҳ қилиб бориш кераклигини айтди.
– Бузилган кўприкни тикласа бўлади, янги уй-жойни ҳам қуриш мумкин. Биз учун энг оғири инсоний талофатдир, – деди президент.
Мени Президент самолетида у билан бирга Тошкентга ола кетишди. Чунки шу куниёқ кўрсатув қилишим лозим эди.
Самолет кўтарилгач олд хона (одатда самолет ичи иккига бўлинади. Олд қисми президент, иккинчи салон унга ҳамроҳлар учун) эшиги очилиб мени президент сўраётганини айтишди.
Ичкарига кирдим. Чоғроқ хонада унинг матбуот котиби ва вазирга тенглаштирилган республика идораларининг бири раҳбари ўтирар эдилар. (Оллоҳга шукур, улар соғ-омонлар. Бирлари катта илмий марказ раҳбари, яна бирлари вазир мақомидаги лавозимда) Президент кўзларида қаҳр учқунларди. Шоҳимардонда шунча воқеа рўй берибди, 114 одам халок бўлибди, бошқаларни қўя тур, нега сен бу ҳақда вақтида хабар бермадинг?!
Мен Ислом Каримов билан ҳали у Қашқадарё партия қўмитаси биринчи котиби эканидан танишман. Аммо бундай дарғазаб холатда биринчи бор кўришим эди. Шунинг учун дастлаб юрагимни қўрқув босди, лекин ўзимни қўлга ололдим. – Жуда катта офат рўй берибди, шунча одамни йўқотибмиз, – мен эса бор ҳақиқатни икки кун ўтиб билсам ва шундан кейингина Шоҳимардонга келсам? Энди, вақт ўтиб қандай қилиб мотам эълон қилайин, айт?!
Бу ғазабнок сўзлар аслида менга қаратилган эмасди. Аммо билганим, уни шу заҳоти кимгадир сочиш, ичини бўшатиш керак-ку. Шунинг учун ҳам Президентга ҳамма воқеаларни, жумладан қирғиз дўстим ёрдамида тундаёқ Шоҳимардонга етиб келганим, ҳозиржавоб репортажни юбортиришмагани, уни Жўрабеков келгачгина эълон қилиш мумкин, деганларини айтдим. Табиатимдаги камчиликни биланман. Ўйлаганимни кимга бўлишидан қатъий назар беихтиёр айтиб юбораман. Ўшанда ҳам шудай бўлди.
– Жўрабеков эса 8 июль куни Сизнинг Самарқанд вилоятига ишчи ташрифингизга ҳамроҳлик қилаётган экан. Шунинг учун эртасига келди... – Шундай дейишим билан Президент олдидаги чоғгина ёзув столига бир мушт урган эди у синиб кетди.
– Нима дединг? Шоҳимардонда шундай фожеа рўй бердию, президент Самарқандга кетаверган, деб менга таъна қиляпсанми ҳали?! – Агар Жўрабеков менга холат ҳақида ҳақиқатни айтганида Самарқандга кетармидим?!
Кейин, биз уч киши бўлсакда, негадир менга қарата ҳукуматдаги айрим юқори мансабдорлар ишончни оқламаётганини, кадрларни тез-тез алмаштиришга мажбур бўлаётганини куйиниб айтди.
Мана, шу воқеага орадан 28 йил ўтибди. Лекин ҳамон тушина олмайман. Нега президент фожиада халок бўлганлар, уларнинг оила аъзолари мусибати ҳақида шу қадар куйиниб гапирди-ю, аммо, майли бир кунлик мотам эълон қилишга кеч бўлгандир, лекин бирон бир оммавий ахборот воситалари орқали унинг имзоси билан таъзия эълон қилинмади. Холбуки, ўнлаб мамлакат раҳбарларининг масалан, Туркия Республикаси президенти Сулаймон Демералнинг Ислом Каримов ва Ўзбекистон халқига, мархумлар оила ахзоларига ҳамдардлик ва таъзиялари айнан ўша “Халқ сўзи” газетасида (1998 йил 21 июнь, №144) босиб борилган эди. Самолет қўнишга чоғланди. Шунда менинг ҳаётимдаги яна бир унитилмас воқеа рўй берди.
– Менга қара, Муҳаммаджон, – деди президент энди самимий оҳангда. – Сен одамлар ичида юрасан. Қани айтчи, Фарғона вилоятига кимни ҳоким қилиб қўйсак фидойилик билан ишлайди?
Аввало, бу мен учун ҳеч кутимаган холат ва савол эди. Қолаверса ёнимда ўтирган президент матбуот котиби оҳистагина оёғимни босиб қўйди. Бу “жим бўл” деган ишора эканини тушундим.
Мен индамай туравердим. Президент бир дақиқа ўтар-ўтмас саволини такрорлади. Матбуот котиби яна оёғимни босди. Яна сукут сақладим.
Бирдан президентнинг яна жахли чиқиб кетди.
– Мен сендан сўраяпман, нима қулоғинг битганми, сенингча ким муносиб Фарғона вилояти ҳокимлигига?
Матбуот котиби бу сафар ҳам оёғимни босаётган эди, тортиб олдим.
– Ислом ака, мен бундай масалада маслахатчиликка ожизман, лекин сиз талаб қилар экансиз, фақат ва фақат шахсий фикримни айта оламан холос.
– Ҳа-да, мен сенинг шахсий фикрингни сўраяпман.
Мен шунда ўзимда бир оз бўлсада эркинлик, ирода ҳис қилдим. Нега ўз фикримни айтмай? Қолаверса, президент вилоят ҳокимини алмаштириш қарорига келганини шу бугунги ҳатта-ҳаракати билан яққол кўрсатиб қўйган эди. У Фарғонага келибдики, ҳоким билан эмас, фақат унинг ўринбосари билан мулоқот қилди, сўроқлади, топшириқ берди. Мен ҳам бошқалар қатори бу холатдан хайрон қолган эдим. Президент ҳатто Жўрабековни ҳам кўпчилик ичида бир-икки жеркиб берганди. Демак, ҳокимни алмаштириш қарорига илгарироқ келиб бўлган. Балки номзоди ҳам тайёрдир. Лекин нега мендан сўраяпти бу ҳақида? Унга ёқмайдиган номзод номини айтиб қўйсамчи? Ичимдаги фикрлар курашига сонияда жавоб топиш лозим эди. Мен аслида илгаритдан ўзимча ўйлаб юрган номзод номини таклиф қилдим президентга.
– Алишер Отабоев сиз ўйлаган, қутгандек вилоят ҳокими бўла олади, – дедим ишончли чиқсин деб қатъийроқ овозда.
– Алишер... хммм. – Президент оҳиста бош силкаб қўйди. – Яхши. Айтайлик, Алишер Отабоев бўлсин. Хўш, нега у?
Мана энди ҳақиқий фикр алмашувга келгандик. Мен 1970 йилларда телевидениенинг ёшлар учун кўрсатувлар тахририятида ишлаётган чоғим Тошкент авиация заводи цехларининг биридан кўрсатув тайёрлагани борганимда Отабоев билан танишиб қолганим, ўшанда у ёшлар ташкилотида фаол, кейинроқ етакчи бўлгани, яна кейин партия котиби ўринбосари, бош муҳандис лавозимларида ишлаганини айтдим. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Фарғона вилоятидаги фаолиятини ўзингиз биласиз, дедим. Шунча йилларда кузатганим унинг халол, холис, етук мутахассис ва мохир ташкилотчилиги, хеч қачон пул кетидан қувмагани, барқарор оила бошлиғи эканигача батафсил гапириб бердим. Президент эса унинг шахси ва фаолияти бўйича кўплаб саволлар берди.
– Биласизми, Ислом ака, унинг отаси 70-80 йилларда Қува тумани партия ташкилотини бошқарган. Қачон Қувага борсам Абдужалил Отабоевни катта хурмат билан хотирлайдилар. Ҳалол одам эди, дейдилар. Шундай оилада тарбия топган Алишер Абдужалилович ҳам отасига муносиб инсон бўлиб яшаяпти.
Президент ўйланиб қолди.
– Яхши кўрамиз, – деди секингина.
Бу суҳбат шоҳидларининг иккисига ҳам оллоҳ узоқ умр берсин, ҳозир ҳаётлар. Агар бирон сўзни ошиқча ёзган бўлсам айтадилар.
– Гап бундоқ, Муҳаммаджон, – деди самолетдан тушганимиздан кейин президент яна жиддийлашиб. – Ишингни якунлаб зудлик билан Шоҳимардонга қайт. Жўрабековга айтиб қўяман. Фожиа сабабларини унинг ўзи тушунтириб берсин. Оқибатларини бартараф этиш борасида қилаётган ишларимиз ҳақида ҳам.
Менга ҳар бир тасвир таниш. Ҳар бир гап, топшириқ, фикр ён дафтаримга битилган. Шунинг учун президентнинг Шоҳимардон сафари ҳақидаги кўрсатувни тез ёзиб монтаж қилдим. Уни раҳбарият кўриб қабул қилгач Фарғонага учиб келдим.
Бу кун ҳам журналист ҳаётида унитилмас, айтиш мумкинки, тарихий воқеа рўй берди.
Қайси самолетда келаётганимни Шоҳимардон штабига маълум қилган эдим. Трапдан тушсам... 4-5 қадам нарида Исмоил Жўрабеков ва Алишер Отабоевлар туришган экан. Ҳарйон қолдим.
– Ҳа, келдингми, биз сени кутиб турибмиз, – деди Жўрабеков. Мен ўзимга келолмасдим. Мен кимманки, давлат раҳбариятидаги юқори мартабали шахс самолет трапида кутиб олса?!
– Вертолет тайёр, тасвирчингни Шоҳимардондан олиб келдик, фожиа бошланган жойларга учамиз. – Исмоил ака юз метрларча юқорида турган вертолет томон шаҳдам юриб кетди. Ортидан эргашдим.
Ҳа, афтидан президент Исмоил акани қаттиқ койиган ва қатъий топшириқ берган. Унинг бўлажак кўрсатувдаги табиий офат ҳақида шарҳи ва интервьюси президент билан муносабатларида сезилиши мумкиндек туюлди менга.
Вертолетда гидрометерология хизматидан бир мутахассис ҳам бўлиб, у Шоҳимардондан Қирғизистон ҳудудига ўтганимиздан сўнг айрим маълумотларни айтиб кетарди. Унинг таъкилашича, Абрамов музликларига яқин жойда юз йиллар илгари ҳам табиий музкўл бўлган. Июн ойи охири, июл бошидаги об-ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида музкўлга тоғ ёнбағридан жуда катта ҳажмдаги қор кўчкиси тушади. Бунга дош беролмаган кўлнинг бир ёни ўпирилиб, натижада кўл тошиб ундан сув пастга оқиб тушиши жараёнида буткул очилиб қолган. Бундай холатдан тоғлардаги қалин қор уюмлари ҳам тебраниб яна бир неча кўчкилар рўй беради. Оқибатда мислсиз ҳажмдаги сув, кейинчалик қор ҳам эриб селга айланиб бир муддат Ёрдон қишлоғидаги оқдарё ўзанига тўпланади.
Биз Абрамов музликларига яқин жойдаги бўм-бўш қолган улкан кўл ҳавзасини вертолетда айланиб чиқдик. Кейин Шоҳимардон йўлидаги қор кўчкиларини кўрдик. Тоғдан ҳали ҳам ўнлаб жилғалар пастга қараб шошиб оқарди.
– Бу ерларда илгари Қирғизистоннинг гидрометерология кузатув пункти бўлган, кейинги йилларда эса у молиялаштирилмагач фаолиятини тўхтатган. Шунинг учун яқинлашаётган табиий офат ҳақида биз ўз вақтида хабар топмаганмиз, – деди менга Жўрабеков ойнадан юзини буриб. Сўнг,
–Шундайми?–деб сўради ҳамроҳидан. У эса:
– Ҳа – ҳа, тўғри айтдингиз, агар кўчкидан ўз вақтида хабар топганимизда аҳолини огоҳлантиришга улгурар эдик...
Бу тошқин фожиасининг асосий сабаби деб талқин қилинди. Кейинчалик Исмоил Жўрабеков ўз интервьюсида ҳам шу холатга урғу берди.
– Шу сабабли Шоҳимардон ҳавзаси каби ҳудудларни узлуксиз мониторинг қилиш, муҳим нуқталарда эрта огоҳлантириш тизимларини ўрнатиш ҳамда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг табиий офатлар хавфини бошқариш бўлинмалари ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш зарур. Бу мавжуд ва ортиб бораётган музлик кўллари ёрилиши хавфларини камайтиришга хизмат қилади, – деди Жўрабеков.
Интервьюнинг иккинчи қисми рўй берган фожиа ва унинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари, халок бўлганлар оиласига кўмаклашиш, Шоҳимардон қишлоқ марказини қайта тиклаш лойиҳаси ҳақида бўлди.
Бу кўрсатув ва интервью телевидение архивида сақланиб қолган.
Мен деярли уч ой давомида Шоҳимардондан амалга оширилаётган ишлар ҳақида телерепортажлар бериб турдим. Ҳар қандай фожиа бутун борлигича маълум қилинмас экан, у турли талқинлар сабабли ҳақиқатдан узоқлашади. Шоҳимардон фожиаси ўшанда расмийларнинг ҳам, матбуотимизнинг ҳам бундай фавқулодда ҳодисаларга тайёр эмаслигини кўрсатди
Орадан вақт ўтиб, аслида мен кутмаган яна бир воқеа содир бўлди.
Ислом Каримов яна Фарғонага келди. Бу гал Ўзбекистон Президенти халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди ва вилоят ҳокимлигига... Алишер Отабоев тайинланди.
Мен ҳурматли ўқувчилардан бу воқеада менинг ҳам ўрним бор дейишдан мутлақо йироқман. Аслида Президент шу номзод ҳақида ўйлаб, ўрганиб юрган. Бу масаладаги менинг фикрим эса денгиздаги бир томчи ҳам эмасди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:
R.S. Мен 1998 йили рўй берган Шоҳимардон фожиаси ҳақида Воқеа, суҳбатларда айтилган ўзгалар фикр-мулоҳазасига ўзимдан бир тасвир, бир сўз қўшмадим. Чунки бу тарих. Ҳайриятки, ҳали унинг иштирокчи ва шоҳидаларининг кўпчилиги ҳаётлар. Ҳулоса чиқариш эса ҳар кимнинг ўзига хавола.
https://ipaknews.uz/uz/news/8463

Муаллиф
Шухратжон ЭсановИзоҳлар йўқ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.