Yuklanmoqda...
Ferganamedia.uz 2024-yil 26-sentabrda Prezident administratsiyasi huzuridagi AOKA tomonidan elektron ommaviy axborot vositasi sifatida ro'yxatdan o'tkazilgan. Guvohnoma raqami: 414738. Tashkilotchi: «Fergana Media Press» MCHJ.
Ferganamedia.uz 2024-yil 26-sentabrda Prezident administratsiyasi huzuridagi AOKA tomonidan elektron ommaviy axborot vositasi sifatida ro'yxatdan o'tkazilgan. Guvohnoma raqami: 414738. Tashkilotchi: «Fergana Media Press» MCHJ.
Гиёҳвандликка қарши курашишда нега Жиноят кодексидаги "сотиш" атамаси "ўтказиш"га ўзгартирилди? Энди интернетдаги "закладчик"лар жазодан қочиб қутула олмайдими? Яширин нарколабораториялар ташкил этганларни қандай қисмат кутмоқда?

Бугунги кунда гиёҳвандлик инсоният олдида турган энг жиддий ижтимоий таҳдидлардан бирига айланиб улгурди. Аср вабоси сифатида баҳоланаётган ушбу иллат дунё бўйлаб тез суръатларда тарқалиб, миллионлаб инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Гиёҳвандлик нафақат инсон саломатлигига, балки оила мустаҳкамлигига, жамият барқарорлигига, давлат иқтисодиётига ва энг муҳими, миллат келажагига жиддий хавф туғдиради.
Сўнгги йилларда наркотик воситаларнинг янги турлари, айниқса синтетик наркотикларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали инсон омилисиз тарқатилиши мазкур муаммони янада долзарб қилиб қўйди. Бугун жиноятчилар криптовалюта, электрон ҳамёнлар ва яширин “закладка” усулларидан фойдаланиб, гиёҳвандлик воситаларини кенг тарқатишга уринаётган бир пайтда, давлат томонидан бу хавфга қарши таъсирчан ҳуқуқий механизмларни яратиш ҳаётий заруратга айланди.
Айнан шу мақсадда Президентимиз томонидан 2026 йил 11 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1151-сонли Қонун имзоланди.
Мазкур қонун мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш сиёсати янги босқичга кўтарилганининг ёрқин ифодаси бўлиб, аҳоли саломатлиги, миллат генофонди ва ёш авлод келажагини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Қонуннинг энг муҳим янгиликларидан бири Жиноят кодексида “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” деб номланган алоҳида бобнинг ташкил этилганидир. Бу ўзгариш гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга нисбатан давлат муносабати мутлақо янги босқичга чиққанини англатади. Эндиликда бундай қилмишлар фақат жамоат хавфсизлигига қарши жиноят сифатида эмас, балки миллат саломатлиги ва келажак авлод тақдирига қарши қаратилган хавфли таҳдид сифатида баҳоланади.
Қонун билан наркотик воситалар ишлаб чиқаришнинг асосий манбаи ҳисобланган яширин нарколабораторияларга қарши курашиш ҳам кучайтирилди. Маълумотларга кўра, фақат сўнгги бир неча ой ичида мамлакат ҳудудида ўнлаб яширин нарколабораториялар фаолияти фош этилган. Шу муносабат билан Жиноят кодекси 276¹-модда билан тўлдирилиб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ёки унинг фаолиятини таъминлаш учун 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бу эса наркотик моддаларни тарқатувчилар эмас, балки уларни ишлаб чиқарувчи асосий жиноий занжир бўғинига қарши зарба бериш имконини яратади.
Қонунда наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига мансабдор шахслар томонидан кўмаклашиш ҳолатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айрим ҳолларда коррупциявий омиллар наркожиноятчиликнинг яширин фаолият юритишига шароит яратаётгани инобатга олиниб, Жиноят кодексига 276³-модда киритилди. Унга кўра, мансаб ваколатларидан фойдаланиб наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, раҳнамолик қилиш ёки бундай жиноятлар фош бўлишининг олдини олиш мақсадида олдиндан хабар бериш учун ҳам 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди.
Бу давлатнинг наркотик бизнес билан боғлиқ ҳар қандай коррупцион муносабатларга нисбатан муросасиз сиёсат юритаётганини кўрсатади. Гиёҳвандлик тарқалишида бангихоналар ҳам муҳим омил ҳисобланади. Чунки бундай жойлар нафақат наркотик моддалар истеъмол қилинадиган муҳит, балки янги истеъмолчилар жалб қилинадиган ва бошқа турдаги жиноятлар содир этилишига шароит яратадиган хавфли нуқталар ҳисобланади. Шу боис қонун билан гиёҳвандлик воситалари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатиш учун бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш алоҳида жиноят таркиби сифатида белгиланиб, бундай қилмиш учун 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди.
Қонунда ёшларни ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Зеро, гиёҳвандликнинг энг оғир оқибатлари айнан ёшлар ҳаётида намоён бўлади. Наркотик моддалар таъсирига тушиб қолган ёшлар таълимдан узоқлашади, меҳнат бозорида рақобатбардошлигини йўқотади ва кўп ҳолларда жиноятчилик муҳитига кириб қолади. Шунинг учун ҳам вояга етмаган шахсларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди. Шунингдек, таълим муассасалари, талабалар турар жойлари, болалар оромгоҳлари ва уларга туташ ҳудудларда наркотик ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди.
Қонуннинг энг муҳим ва амалий аҳамиятга эга янгиликларидан бири Жиноят кодексининг 273-моддасидаги “сотиш” атамасининг “ўтказиш” тушунчаси билан алмаштирилганидир. Илгари наркотик моддаларни сотганлик учун оғирроқ жавобгарлик мавжуд бўлган бўлса, айрим жиноятчилар гиёҳвандлик воситаларини ҳадя қилиш, бепул бериш, айирбошлаш ёки интернет орқали яширин жойларга ташлаб кетиш орқали қонунчиликдаги бўшлиқлардан фойдаланишга ҳаракат қилар эдилар. Янги таҳрирда эса гиёҳвандлик моддаларини бошқа шахсга етказишнинг ҳар қандай шакли “ўтказиш” сифатида баҳоланади.
Бу эса интернет орқали фаолият юритаётган “закладчик”лар ва уларнинг ташкилотчилари учун жазодан қочиш имкониятларини бартараф этади. Эндиликда гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказишнинг ҳар қандай кўриниши учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Бунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноятчининг пул олганини ёки тижорий манфаат кўрганини исботлаши талаб этилмайди. Наркотик модданинг бошқа шахсга ноқонуний равишда етказилгани фактининг ўзи жиноий жавобгарлик учун етарли ҳисобланади.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам муҳим ўзгартиш киритилди. Эндиликда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланди. Бу норма ёшлар ўртасида гиёҳвандликни оммалаштиришга қарши профилактик аҳамиятга эга.
Шунингдек, сўнгги йилларда наркожиноятларни такроран содир этиш ҳолатлари ортиб бораётгани инобатга олиниб, айрим ўта оғир наркожиноятлар учун муддатидан илгари шартли озод қилиш тартибини қўллаш чекланди. Бу эса жазо муқаррарлигини таъминлаш ва жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, ЎРҚ–1151-сонли Қонун гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасидаги муҳим ҳуқуқий ислоҳотлардан бири бўлиб, у нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг имкониятларини кенгайтирди, балки ҳар бир фуқаронинг хавфсиз ҳаёт кечириши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Мазкур қонуннинг тўлиқ ва самарали ижроси орқали ёшларимизни гиёҳвандлик балосидан асраш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, миллат генофондини сақлаб қолиш ҳамда соғлом ва барқарор жамият қуриш йўлида муҳим натижаларга эришиш мумкин бўлади.
Зеро, гиёҳвандликка қарши курашиш фақат давлат органларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-она, устоз, маҳалла фаоли ва фуқаронинг умумий бурчидир. Фақат биргаликдаги ҳаракатлар орқалигина ушбу иллатга қарши самарали курашиш ва келажак авлодни унинг ҳалокатли таъсиридан асраб қолиш мумкин.
Камолиддин Рахимов, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг тергов судья

Muallif
Shuhratjon EsanovIzohlar yo'q.
Ferganamedia.uz 2024-yil 26-sentabrda Prezident administratsiyasi huzuridagi AOKA tomonidan elektron ommaviy axborot vositasi sifatida ro'yxatdan o'tkazilgan. Guvohnoma raqami: 414738. Tashkilotchi: «Fergana Media Press» MCHJ.